⚡️ Электромобиль харид қилганларга автокредит фоизининг 8 фоиз бандигача бўлган қисмини давлат қоплаб бериши таклиф этилмоқда
Ўзбекистонда аҳолининг электромобиль харид қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида янги механизм жорий этилиши мумкин. Муҳокамага қўйилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига кўра, электромобиль сотиб олиш учун олинган автокредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини давлат ҳисобидан компенсация қилиш таклиф этилмоқда.
☑️ Лойиҳага кўра, 2026 йил 1 августдан бошлаб қиймати БҲМнинг 1 000 бараваридан ошмайдиган электромобилни бирламчи бозордан харид қилиш учун 300 млн сўмгача олинган автокредитлар ушбу механизмдан фойдаланиши мумкин.
▪️Бунда кредитнинг дастлабки 2 йили давомида фоиз ставкасининг 16 фоиздан юқори бўлган қисми компенсация қилинади, аммо компенсация 8 фоиз бандидан ошмайди. Яъни кредит ставкаси 24 фоиз бўлса, унинг 8 фоиз банди давлат томонидан қопланиши мумкин. Агар ставка 20 фоиз бўлса, 4 фоиз банди компенсация қилинади.
☑️ Имтиёз фақат ташқи электр манбаидан қувватланадиган, ички ёнув двигателига эга бўлмаган M1 тоифасидаги электромобилларга татбиқ этилиши назарда тутилган. Шунингдек, автомобиль бирламчи бозордан харид қилиниши керак.
☑️ Компенсация олиш учун фуқаро банкнинг ички қоидалари бўйича кредитга лаёқатли деб топилиши ва мурожаат санасида кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги бўлмаслиги лозим. Мижоз автокредит учун ариза топшираётганда компенсация олиш истагини алоҳида кўрсатади.
☑️ Яна бир муҳим жиҳат — компенсация тўғридан-тўғри фуқарога берилмайди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маблағни тижорат банкига ўтказади, банк эса уни кредит шартномаси бўйича фоиз тўловларини қоплашга йўналтиради. Бунинг учун банк аввал вазирлик билан тегишли келишув тузиши керак ва механизм келишув тузилганидан кейин ажратилган автокредитларга татбиқ этилади.
☑️ Агар қарз олувчи тўловларни кетма-кет 3 ой амалга оширмаса, кредит муддатидан олдин тўлиқ ёпилса, кредит шартномаси бекор қилинса ёки тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри маълумотлар аниқланса, компенсация тўхтатилади.
Компенсация харажатларини 2026 йилда республика бюджети қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштириш, 2027–2030 йилларда эса аҳоли талабидан келиб чиқиб Давлат бюджети параметрларида тегишли маблағларни назарда тутиш таклиф қилинмоқда.
👍Каналга уланиш: @Bankxabar