Қачон хотира пасайиши ҳақида жиддий ўйлаш керак?
❓Бугунги кун тиббиётида хотира пасайиши ва у билан боғлиқ ҳолатлар бироз ёшарган. Қачон ва қайси ҳолатлардан бошлаб инсон хотира пасайиши ҳақида жиддий ўйлаб кўриши керак? Деменция касаллиги қандай касаллик?
Хотиранинг баъзан сусайиши ҳар бир инсонда кузатилиши мумкин. Масалан, чарчоқ, уйқусизлик, стресс ёки кучли руҳий зўриқиш туфайли айрим маълумотларни эсдан чиқариш табиий ҳолат ҳисобланади. Бироқ хотира билан боғлиқ муаммолар тез-тез такрорланса, кундалик ҳаётга, иш фаолиятига ёки яқинлар билан муносабатларга салбий таъсир қила бошласа, бу ҳолатга жиддий эътибор қаратиш лозим.
Бугунги кунда хотира пасайиши ва когнитив бузилишлар фақат кексаларгагина хос эмаслиги аниқланган. Касаллик асосан 65 ёшдан кейин кўп учраса-да, баъзи ҳолларда ёшроқ инсонларда ҳам ривожланиши мумкин.
👉Деменция нима? Деменция — мия ҳужайраларининг зарарланиши натижасида хотира, фикрлаш, нутқ, диққат, қарор қабул қилиш ва кундалик ҳаёт учун зарур бўлган бошқа ақлий қобилиятларнинг аста-секин пасайиши билан кечадиган нейропсихиатрия синдромидир. Бу қаришнинг табиий қисми эмас, балки ташхис ва даволашни талаб қиладиган касалликдир.
Касалликнинг дастлабки босқичларида инсон ўзидаги ўзгаришларни сезмаслиги ёки уларни оддий чарчоқ ёки ёш ўтиши билан боғлаши мумкин. Шунинг учун яқинларининг эътиборли бўлиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.
👉Қайси аломатлар хавотирли ҳисобланади?
Қуйидаги белгилар мунтазам кузатилса, шифокор кўригидан ўтиш тавсия этилади:
▫️Калит, телефон, ҳамён, ҳужжатлар каби буюмларни тез-тез йўқотиш ёки уларни қаерга қўйганини эслай олмаслик.
▫️Яқинда бўлиб ўтган воқеаларни эсдан чиқариш, бир хил саволни қайта-қайта бериш.
▫️Янги маълумотни ўзлаштириш ёки эслаб қолишда қийналиш.
▫️Таниш жойларда ҳам йўлни адаштириш, сана, вақт ёки ҳафта кунини чалкаштириш.
▫️Сўз топишда қийналиш, фикрни ифодалаш ёки бошқаларнинг нутқини тушунишда муаммолар пайдо бўлиши.
▫️Диққатни жамлаш, таҳлил қилиш, режалаштириш ва қарор қабул қилиш қобилиятининг пасайиши.
▫️Кайфиятнинг тез-тез ўзгариши, асабийлик, тушкунлик, бефарқлик ёки агрессиянинг кучайиши.
▫️Кийиниш, ювиниш, овқатланиш, пул ҳисоблаш ёки коммунал тўловларни амалга ошириш каби оддий ишларга қийналиш.
▫️Атрофдагиларга нисбатан асоссиз гумонлар пайдо бўлиши, кимдир буюмларини ўғирлаётгани ёки зарар етказаётганини ўйлаш.
▫️Уйқу бузилиши, тунги безовталик ва қўрқинчли тушларнинг кўпайиши.
Бу аломатларнинг биттаси ёки иккитаси бир марта кузатилгани деменция борлигини англатмайди. Аммо улар такрорланиб, кучайиб борса, мутахассисга мурожаат қилиш кечиктирилмаслиги керак.
👉Деменциянинг олдини олиш мумкинми?
Деменциянинг ёш ва ирсият каби хавф омилларини ўзгартириш мумкин эмас. Аммо илмий тадқиқотлар соғлом турмуш тарзи касаллик ривожланиш хавфини сезиларли даражада камайтиришини кўрсатади.
Бунинг учун:
✅мева-сабзавот, балиқ, ёнғоқ ва дон маҳсулотларига бой мувозанатли овқатланиш;
✅ёғ, туз ва шакарни меъёрида истеъмол қилиш;
✅ҳафтасига камида 150 дақиқа жисмоний машқлар билан шуғулланиш;
✅қон босими, қандли диабет ва холестеринни назорат қилиш;
✅китоб ўқиш, мантиқий ўйинлар, кроссвордлар ва янги билимларни ўзлаштириш орқали мияни фаол ушлаб туриш;
оила ва жамият билан фаол мулоқот қилиш;
✅стрессни камайтириш ва кунига 7–8 соат сифатли уйқу;
чекиш ва ортиқча алкогол истеъмолидан воз кечиш;
✅мунтазам тиббий кўриклардан ўтиб туриш тавсия этилади.
Хотиранинг айрим ҳолларда сусайиши ҳар доим ҳам касаллик белгиси эмас. Аммо у кундалик ҳаётга халал бера бошласа, инсоннинг мустақил фаолиятига таъсир қилса ёки юқоридаги аломатлар мунтазам кузатилса, буни «қариликнинг табиий қисми» деб қабул қилиш тўғри эмас. Эрта ташхис қўйиш ва вақтида даволаниш касалликнинг ривожланишини секинлаштириш, беморнинг ҳаёт сифатини узоқ вақт сақлаб қолиш имконини беради.
✍️ Наргиза Қурбонова,
savollar.muslimaat.uz шифокори, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий амалий текшириш маркази Тошкент шаҳар филиали шифокори
"Омина" журналининг 11-сонидан (2026 йил) олинди.
😀@Muslimaatuz