Ўзбекистон халқаро рейтингларда юқорилашда давом этмоқда. Хўш, халқаро рейтинглар нега муҳим?
Кўпинча халқаро рейтинглардаги бир неча поғоналик ўсишни оддий рақам сифатида қабул қиламиз. Аслида эса ҳар бир рақам ортида давлат бошқаруви ислоҳотлари, иқтисодий сиёсатнинг изчиллиги, қонунчилик тизимининг такомиллашуви, инвесторлар ишончи ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг мамлакат тараққиётига берган баҳоси мужассам бўлади.
Сенатда бўлиб ўтган Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича Республика кенгаши йиғилишида эълон қилинган натижалар айнан шу жиҳатдан алоҳида эътиборга лойиқ.
Fitch Ratings, S&P ва Moody’s каби дунёнинг етакчи рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги истиқболини яхшилади. Кредит рейтинги давлат иқтисодиётининг барқарорлиги ва молиявий мажбуриятларни бажариш салоҳиятини баҳоловчи муҳим кўрсаткичдир. Демак, рейтинг истиқболининг яхшиланиши халқаро ҳамжамиятининг Ўзбекистон иқтисодиётига нисбатан ишончи ортаётганини англатади.
“Аёллар, бизнес ва қонун” индексида эса Ўзбекистон 43 поғонага юқорилади ҳамда гендер тенглик соҳасида аёлларнинг иқтисодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш йўналишида топ 5 давлатлар қаторига киритилиб, Марказий Осиёда етакчи мамлакат сифатида эътироф этилди.
Яна бир муҳим натижа Ўзбекистон илк бор иқтисодий эркинлик индексида “ўртача эркин” давлатлар қаторидан жой олди. Бу эса мамлакатдаги инвестиция муҳити ҳамда тадбиркорлик имкониятлари самарали йўлга қўйилаётганини кўрсатмоқда.
Йиғилишда мамлакатнинг сунъий интеллектга тайёргарлик индексида 5 йил ичида 33 поғонага кўтарилгани ҳам алоҳида қайд этилди. Бу кўрсаткич Ўзбекистоннинг замонавий технологиялар ва рақамли тараққиётга мослашиш суръати ошиб бораётганини билдиради.
Халқаро рейтинглардаги ижобий натижалар шунчаки статистика эмас, балки Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеи, инвестицион жозибадорлиги ва рақобатбардошлигини мустаҳкамлайдиган муҳим омилдир.
Расмий саҳифалар: 🌐Тelegram |🌐Instagram |🌐Facebook