Кўзимиз қачон тўяди?
Етишмовчилик нима ўзи? Ҳирсми, пулми? Эътиқодми, таъмами? Меҳрми, вақтми? Фикри ожизимча, бу гуруҳга кўп сўзлар сиғдириш мумкин. Кексаларнинг бу борада бир гапи бор: "Одам боласининг кўзини тупроқ тўйдиради!" Биз чиндан ҳам шунчалик, очкўз ва тўймас мавжудотмизми? Ортиқча вазн муаммоси соғлиқ билан боғлиқ таҳликага айланган дунёда бизни бу аҳволга солган нарса овқатга тўймасликми? Катта йўлларда бир у ёққа, бир бу ёққа типирчилаб машинасини сурган ҳайдовчилар,спидометрдаги тезлик лимитига қаноат қилмаётган ёшлар, вақти озлигидан шикоят қилиб, йўл қоидаларини бузаётган тижоратчи ҳайдовчилар, мотоциклда шошган курьерлардан: "Нима учун?!" деган саволга оладиган жавобимиз: "Етмаяпти-да!" Картамиздаги жамғарманинг охири кўриниб қолганида, пулимиз мажбурий ва завқли харидларга етмаётганидан нолиймиз. Ҳатто бу етишмовчиликни таҳлика деб биламиз. Ҳар доим пул озлигидан шикоят қиламиз. Аслида, етишмовчилик пулдами? Ё истакларимиздами? Севгилисини, хотинини хурсанд қилиш учун ўғриликка, бировнинг ҳақига кўз олайтирганлар бор. Бу қандай севги-муҳаббат бўлди? Севганининг ҳолатини била туриб, уни жиноятга ундаса, бу нарса севги эмас. Хотин эрининг ойлик маошини била туриб ундан кўпини истаса, у оила эмас. Буларнинг биргина номи бор — манфаатпарастлик. Шу кунларда бошимиздан ўтказганимиз молиявий инқирозни қўллаб-қувватловчиси "шоппингмания" эмасми? Ҳашаматли уйлар, қимматбаҳо автомашиналар, тўлашга қурбимиз етмайдиган кредит, тўловлар, урфга кирган ҳар янги матоҳни харид қилиш ҳирси... "Кийгани ҳеч нарсам йўқ!" дея нолиётган аёлнинг кийим жавонига қараганимизда, жуда кўп кераксиз нарсаларга кўзимиз тушади. Лекин яна "етмайди!" Ташқарига чиқаётганда аввал кўринишимизга диққат қиламиз, а? Пойабзалимиз камарга, камар пайпоғимиз кийимига, кийимимиз барига мос тушадиган макияжга эҳтиёжимиз бор, шундайми? Буларнинг барчасини ўрнига қўйиш учун ҳаракат қилганимизда, ўртага чиққан қиймат "етмайди"ни изоҳлашга етмайдими? Кексаларимиз кўчада кийиш учун бир сидра, уйда кийиш учун бир сидра, тўй-маъракага кийиш учун бир сидра кийим-боши бўлганини айтишади. Бугун биз ҳафтанинг 5 иш кунида беш хил кийим кийиб, янги ҳафтада кийим жавонимиз олдида хўмрайиб ўтирамиз: "Кийгани кийимим қолмади!" Дугонамизнинг туғилган кунига кийган оқ-шом либосимизни укамизнинг никоҳ тўйида киймаймиз: "Вой, уни ҳамма кўрди-ку!" Етишмовчилик ва "етмайди"ларнинг сони бору, саноғи йўқ. Биз бу савдоларни маромига етиштириш кўйида чопганимиз сари етишмовчилик кўпайиб бораяпти. Охир-оқибат бири кам бу дунёда тўймай яшаяпмиз. Ечимдан гапир, дейсизми? Қаноат!..
@vaqtqadri