НИМА УЧУН АРБАИНДА НАЖАФДАН КАРБАЛОГАЧА ПИЁДА БОРИЛАДИ?
Аввало, “Арбаин” – қандай кун?
Имом Ҳусайн (алайҳис салом) учун тутиладиган Арбаин – қирқ куни нима учун Имом Ҳусайн (алайҳис салом) муҳиблари учун бунчалик азиз? Нима учун Аҳли Байти нубувват (алайҳимус салом) учун вафодорлар куни сифатида эътироф этилган? Бугунги кунда шийъа мазҳабидаги мусулмонлар учун Арбаин кунига охирги имконини ишга солиб бўлса ҳам ўзини қандайдир йўл билан Ироққа, Карбалога етказиш суннат бўлиб қолди. Бунга сабаб нима?
Шайх Тусий (ризвонуллоҳу алайҳ) қаламларига мансуб бўлган “Мисбоҳул мутаҳажжид” китобида Сафар ойининг фазилатлари бобида ушбу муборак ойнинг йигирманчи кунига келиб гап тақалганда, Шайх Тусий (ризвонуллоҳу алайҳ) тарихий воқеъликларга ишора қилиб шундай айтадилар:
“- Сафар ойининг йигирманчи куни “Арбаъин” дир. Яъни бу шундай кунки, у кунда Карбало воқеаларидан бир йил ўтиб асирлар карвони Шомдаги асирликдан нажот топиб, Шомдан Мадинага қайтганлар. Йўлда қайтишда, айни Арбаин кунида оғир машаққатлар билан Карбалога келганлар. Ўша куни, Аҳли Байти нубувват (алайҳимус салом) асирларини ҳазрати Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи ва саллам) нинг саҳобаи киронларидан бири Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий (разияллоҳу анҳу) кутиб олган. Бу кунда Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва Карбало шаҳидларини зиёрат қилмоқлик керак.”
Шу ўринда арбаин билан боғлиқ бир қанча омилларга эътибор қаратмоқлик керак:
Қирқ сони
Қирқ сони Исломий эътиқодлар билан боғлиқ бўлган манбаларда кўп келади. Бунинг учун бир фикр тариқасида дастлабки “Қирқ – Арбаин” сонига ишора қиламиз. Бундай олиб қараганда, сонлар ҳеч қанча муҳим аҳамиятга эга эмас. Бироқ, Исломда кўпроқ 7, 12, 40 ва 70 сонлари жуда ҳам кўп учрайди.
Қирқ сонининг диний матнларда келишига эътибор қаратадиган бўлсак, ҳазрати Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи ва саллам) пайғамбарлик даражасига етганларида 40 ёшда бўлганлар. Бундан ташқари, дунёнинг ошиғи бўлган баъзи бир кимсалар 40 ёшгача барча ёмонликларни қилиб бўлиб, аста-секин дилида қўрқинч ҳислари уйғониб, охиратни ўйлаб баъзи бир ишларни қила бошлайди, хулқини ўзгартиришга ҳаракат қилади. Шунингдек қирқ сони борасида Қуръони каримда ҳам оят келтирилади. Бундай воқеа Қуръони каримнинг муборак “Аъроф” сураси, 142 оятида келтирилади:
وَوَاعَدْنَا مُوسَى ثَلَاثِينَ لَيْلَةً وَأَتْمَمْنَاهَا بِعَشْرٍ فَتَمَّ مِيقَاتُ رَبِّهِ أَرْبَعِينَ لَيْلَةً وَقَالَ مُوسَى لِأَخِيهِ هَارُونَ اخْلُفْنِي فِي قَوْمِي وَأَصْلِحْ وَلَا تَتَّبِعْ سَبِيلَ الْمُفْسِدِينَ
Мусо билан ўттиз кеча ваъдалашдик. Сўнгра уни яна ўн (кеча) билан тўлдирдик. Шундай қилиб, Раббининг “қирқ кеча” дея белгилаган вақти камолига етди. Мусо (кета туриб) ўз биродари Ҳорунга: “Қавмимда сен қолиб, менинг ўринбосарим бўлгин, ислоҳ эт ва бузғунчилар йўлига эргашмагин!” – деди.
Бир ривоятда келишича, ҳазрати Одам (алайҳис салом) қирқ кун мобайнида Сафо тоғида саждадан бош кўтармаганлар. Шунингдек, ҳазрати Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи ва саллам) “- Ҳар ким менинг умматимдан 40 та ҳадисни ёд олиб, унга амал қилса, Аллоҳ унинг динини комил қилиб, Қиёмат куни фақиҳ олимлар сафида маҳшур қилгай.” ва ҳоказо бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Арбаин кунлари
Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) шундай марҳамат қиладилар: Мўъминнинг бешта нишонаси бордир: 1. Ҳар куни 51 ракъат намозни адо этиши (17 ракъат вожиб, 11 ракъат шаб намози ва 23 ракъат нофила намозлари); 2. Арбаин зиёрати; 3. Ўнг қўли бармоғига узук тақиши; 4. Пешанасида сажданинг излари борлиги; 5 Намозда “Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳийм” ни баланд овоз билан ўқиши.
Мазкур ҳадис Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Арбаин (қирқ) кунларини эъзозлаш, бу кунга нисбатан қаттиқ эътиборли бўлишга ундайдиган далилдир. 👇👇👇