СУДЬЯЛАР ДАХЛСИЗЛИГИ — ИМТИЁЗ ЭМАС, АДОЛАТ КАФОЛАТИ! НEГА ОЛИЙ СУД ҚОНУННИ АЙЛАНИБ ЎТМОҚДА?
Ижтимоий тармоқлар (Advokat Abdullaev| Rasmiy, ⚡️ХАЛҚ НАЗОРАТИ)да Тошкент шаҳар судининг собиқ судьяларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини Ўзбекистон Республикаси Олий суди биринчи инстанция сифатида ўзи кўрмай, уни вилоят судларидан бирига юборгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу шунчаки техник ёки процессуал масала эмас. Бу мамлакатимизда Қонун устуворлиги ва Суд мустақиллиги тақдирини белгилайдиган институционал инқироздир.
⚖️ Қонун нима дейди ва у нима учун керак? "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 64-моддасида қатъий ва муҳокама қилинмайдиган норма белгиланган: Судьяга нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишлидир. Бу қоида судьяларга шахсий имтиёз ёки жавобгарликдан қочиш учун берилган қалқон эмас! Бу — судья тергов органлари ва ҳокимликларнинг босимидан қўрқмасдан, мустақил қарор қабул қила олиши учун қонун чиқарувчи (Парламент) томонидан берилган давлат кафолатидир.
🔍 Нега ишни вилоят судига ўтказиш қонунга зид ва хавфли? 1. Қонун ҳарфи ва руҳининг бузилиши: Олий суд қонунни ижро этувчи органдирки, уни ўз хоҳишича мослаштирувчи ёки ўзгартирувчи куч эмас. Қонунда "Олий суд кўради" деб ёзилганми — тамом, уни бошқа судга ўтказиш ҳуқуқий ваколат чегарасидан чиқишдир. 2. Тизимли хавф ва қўрқув муҳити: Агар бугун Олий суд ўзига тегишли жиноят ишини пастки инстанцияга ташлаб юборса, эртага оддий туман шаҳар судьяларида тизимга нисбатан қандай ишонч қолади? Бу ҳаракат судьяларга: "Сизни барибир ўзимиз истаган судга топшириб юборамиз" деган сигнални беради ва уларни тергов органларига муте қилиб қўяди. 3. Халқаро тамойилларга зидлик: Бангалор тамойиллари ва БМТ стандартларига кўра, судлов жараёнлари олдиндан прогноз қилиб бўладиган ва шаффоф бўлиши шарт. Ишни ёпиқ ва тушунарсиз тарзда бошқа судга кўчириш — жамиятда "иш юқоридан бошқариляпти" деган ҳақли шубҳаларни уйғотади.
💡 Процессуал ечим бор эди-ку! "Агар Олий суд кўрса, ҳукм устидан апелляция шикояти бериш ҳуқуқи бузилади" деган важ мутлақо асоссиз. Жиноят-процессуал кодекси ва Олий суд тузилмаси буни ҳал қилишга имкон беради: Ишни Олий суднинг Жиноят ҳайъатидаги 3 нафар судья биринчи инстанцияда кўриб, ҳукм чиқаради. Норози тарафлар апелляция шикоятини Олий суднинг ушбу жараёнда қатнашмаган бошқа судьяларидан иборат кенгайтирилган таркибига (ёки Раёсатига) киритади. Қонун ҳам, инсон ҳуқуқлари ҳам сақланиб қолади!
❌ Олий суд ишни қайтариб олиши шарт! Ҳуқуқий давлатда қонуннинг қиймати фақат унинг матни билан эмас, балки унга амалда қандай риоя этилаётгани билан ўлчанади. Қонунни бузиб адолатга эришиб бўлмайди — ноқонуний йўл билан олинган адолат эса адолат эмасдир. Олий суд ушбу хатони зудлик билан тузатиши, қонуннинг 64-моддаси ижросини таъминлаб, ишни ўз юритувига қайтариб олиши шарт!
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Олий суд Раиси Робахон Анваровна Махмудова, Судьялар олий кенгаши Раиси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори бу ҳолатни шахсан назоратга олиб қонун амалда тўғри қўлланишини таъминлаб беришларини сўраймиз!
Агар бугун бу прецедентга кўз юмилса, эртага суд мустақиллиги ҳақида гапиришнинг ҳеч қандай маъноси қолмайди.
#ҚонунУстуворлиги #СудМустақиллиги #ОлийСуд #Сенат #СудьяларОлийКенгаши #Адолат
@advokat_azizullo