Элёр Олтиев жамоаси ва бухороликлар билан самимий хайрлашди
Бошқарманинг собиқ бошлиғи бу ҳақда ўзининг Facebook'даги саҳифасида маълум қилди.
"Қадрли ҳамкасблар, азиз бухороликлар!
Бугун Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимидаги сўнгги иш кунимни ўтказдим. Жамоамиз билан самимий хайрлашиб, янги фаолият манзили сари йўл олдик.
Ортга назар ташласам, қарийб икки йиллик фаолиятим давомида тақдир менга 30 минг нафардан зиёд оқ халатли, қалби пок, касбига садоқатли инсонларга раҳбарлик қилишдек юксак шарафни насиб этган экан.
Бу мен учун нафақат масъулият, балки бутун умрим давомида фахр билан эслайдиган ҳаёт мактаби бўлиб қолади.
Шу давр мобайнида барчангиз билан биргаликда вилоятимиз тиббиёти ривожи йўлида кўплаб эзгу ишларга қўл урдик. Янги тиббиёт муассасалари фойдаланишга топширилди, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва қамровини оширишга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилди.
Тизимга ишга қабул қилишда шаффоф ва адолатли механизмлар жорий этилди. Илм-фанга интилаётган шифокорларимиз қўллаб-қувватланди, натижада кўплаб ҳамкасбларимиз илмий ишларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, амалиётчи олимлар сафидан муносиб ўрин олдилар.
Ўтган давр мобайнида қарийб 500 нафар раҳбар ва тор соҳа мутахассислари АҚШ, Хитой, Россия, Германия, Туркия, Ҳиндистон, Беларусь каби тиббиёти ривожланган давлатларда малака ошириб, илғор билим ва замонавий тажрибаларни эгаллаб қайтдилар.
Шунингдек, сўнгги икки йил давомида соҳада фидокорона меҳнат қилган 6 нафар ҳамкасбимиз давлат мукофотлари билан, 26 нафари эса "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу эътирофлар бутун Бухоро тиббиёти жамоасининг меҳнати ва салоҳиятига берилган муносиб баҳодир.
Дунёнинг нуфузли тиббиёт муассасалари ва компаниялари билан имзоланган меморандумларимиз яқин ўн йилликда Бухоро вилояти тиббиёти ривожига муносиб ҳисса қўшишига ишончим комил.
Албатта, эришилган барча натижалар муҳтарам Президентимизнинг соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратаётган юксак эътибори, доимий ғамхўрлиги ҳамда давлатимиз томонидан яратилган кенг имкониятлар самарасидир. Ана шу юксак ишонч ва эътибор бизга янада катта масъулият бағишлади ва халқимиз саломатлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилишга ундади.
Мен учун туғилиб-ўсган Ватанимга, айниқса, жонажон Бухоро шифокорларига бош бўлиб хизмат қилиш улкан бахт ва юксак шараф бўлди. Бу ишонч учун давлатимиз раҳбариятига, вазирлик рахбариятига, вилоят раҳбариятига ҳамда мен билан елкадош бўлиб меҳнат қилган барча ҳамкасбларимга чексиз миннатдорчилик билдираман.
Бугун вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимига раҳбар этиб тайинланган Муҳсин Ражабов билан ҳам узоқ йиллар елкама-елка меҳнат қилганмиз. Унинг касбий салоҳияти, ташкилотчилик қобилияти ва соҳага бўлган садоқатини яхши биламан. Бу фазилатларнинг ўзиёқ унинг фаолиятига энг муносиб баҳодир, ортиқча мақтовга ҳожат йўқ. Ишонаманки, у ҳам Бухоро тиббиёти тараққиётига янада муносиб ҳисса қўшади. Янги ва масъулиятли фаолиятида унга мустаҳкам соғлиқ, куч-ғайрат, омад ва улкан зафарлар тилайман.
Ҳаёт давом этади. Лавозимлар алмашади. Аммо инсоннинг эл-юртга муҳаббати, касбига садоқати ва халқ учун қилган эзгу амаллари доимо қолади.
Қаерда фаолият юритмай, Ватанимиз ва халқимиз манфаати йўлида виждонан хизмат қилишни ўзим учун энг олий бурч деб биламан.
Барча шифокорларимизга, соҳа фахрийларига, ҳамкасбларимга ва раҳбарларимизга мустаҳкам соғлиқ, куч-ғайрат, хонадонларига файзу барака, масъулиятли ва шарафли фаолиятларида улкан зафарлар тилайман.
Ҳурмат ва эҳтиром билан,
Элёр Олтиев", дейилади хабарда.
https://t.me/JOXA8585