Президент давлат хавфсизлик хизмати раиси ҳақида қонун нимани белгилаган?
Ўзбекистон Республикасининг "Президент давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги Қонунига кўра, Президент давлат хавфсизлик хизматига раис раҳбарлик қилади.
Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, мазкур раис Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан ҳам Президент томонидан озод этилади. Бу эса Президент давлат хавфсизлик хизмати раҳбари давлат раҳбарининг бевосита тайинловидаги мансабдор шахс эканини англатади.
Хўш, ушбу хизматнинг асосий вазифаси нимадан иборат?
Қонуннинг 2-моддасига кўра, Президент давлат хавфсизлик хизматининг асосий вазифаси қўриқланадиган шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, шунингдек қўриқланадиган объектлар хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади.
Қонуннинг 15-моддасида эса давлат муҳофазаси остида бўладиган шахслар (қўриқланадиган шахслар) аниқ белгилаб қўйилган. Улар жумласига: — Ўзбекистон Республикаси Президенти ва унинг оила аъзолари; — Ўзбекистон Республикасининг собиқ Президенти ва унинг оила аъзолари; — янги сайланган Президент лавозимга киришгунига қадар Президент ваколатларини бажариб турган шахс; — Ўзбекистон ҳудудида бўлган чет давлатлар, ҳукуматлар, парламентлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда уларга ҳамроҳлик қилаётган оила аъзолари; — шунингдек, Президентнинг фармонлари ва фармойишларига мувофиқ давлат муҳофазаси билан таъминланиши лозим бўлган бошқа шахслар киради.
Демак, қонун нафақат Президент давлат хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш тартибини, балки ушбу хизматнинг асосий вазифалари ва давлат муҳофазаси билан таъминланадиган шахслар доирасини ҳам аниқ белгилаб берган.
@Advokat_Abdullayev