#ҚАСД
Райҳона дастлаб ҳеч нарсага тушунмасдан тепадан туриб ердаги ўз танасига тикилганча муаллақ тураверди.
Шу вақт Марямхон гўдакни кўтариб турган шифокордан сўраб олди ва унинг юзини Райҳонанинг юзига босди.
Гўдак тамшаниб онасининг юзини митти лаблари билан тамшаниб сўра бошлади. Аммо ҳаракати бесамар кетгач , қип- қизариб тиришганча жаҳл билан бор овозида "инга"лаб йиғлаб юборди.
Райҳона чидай олмади . Барчасини унутиб шифтдан пастга - гўдагига отилди :
- Болааам...!!!
Шу вақт операция столида ётган Райҳона ожизгина қимирлади. Нималардир демоқчи бўлди . Аммо гапира олмади . Гавдасини бошқара олмай кўзларидан бир томчи ёш сизиб чиқди.
Марямхон унинг "Болааам" деган ҳитобини яхши англаган эди.
У гўдакни бағрига босар экан ...кўзларидан шашқатор ёш оқиб кетди... Гапира олмади... Икки оғиз сўзни айтиш шу қадар қийин эканлигига ҳайрон қолди . У "Дунёимизга хуш қайтибсиз !" демоқчи эди. Айта олмади . Аранг :
- Дада ... - дея олди халос.
Профессор Мажидов қизига қараб жилмайди. Ортиқча гапирмади. Фақат "Сен менинг фахримсан , қизим" деди шивирлаганча .
Райҳонанинг танаси аста - секинлик билан фаол ҳолатга ўта бошлади...
Юрак уруши , қон босими меъёрий ҳолатга яқинлашди.
Мажидов Райҳонанинг ёнига яқинлашди:
- Ўзингизни ортиқча уринтирманг. Фарзандингиз соғлом дунёга келди . Ундан асти ҳавотир олманг. Энди барчасини бошидан бошлаш учун куч тўплаймиз. Бахтли яшаш учун !
Профессор Мажидов шундай дея ҳамкасбларига ўгирилди:
- Руҳсат берсангиз беморни яқинларига хушхабарни Марямхон етказса . Мен буни ота сифатида эмас , балки бир ...
Мажидовнинг сўзларини Шоҳида Туроповна бўлди :
- Марямхон тез борақолсин ! Тўққиз ойдан буён кутавериб уларнинг ҳам кўзлари тешилди ..., - у Марямхонга ишора қилди,-
Чаққон қимирла , қизим !
Марямхон қўлидаги гўдакни яқинида турган шифокорга авайлаб тутқазди...
У операция хонасидан узун коридорга чиқар экан бирдан кўнгли тўлиб кетганлигини ҳис қилди.
Коридорнинг у бошида Али кўринди . Марямхон ўзини тута олмади . Шашқатор йиғлаб юборди.
- Акааа... Али акаааа ... - деди ва қўлларини Али томонга чўзганча талпинди.
Али Марямхоннинг ҳолатидан қаттиқ қўрқиб кетган эди.
- Мар ... Марямхон ... Нима ... Нима гап ... ? Гапиринг , юрагимни куйдирманг ! Гапирииииинггг!
Марямхон йиғлай туриб жилмайди:
- Ака , Райҳона опам ... Райҳона опам ўзларига келдилар ...! Ака, ўғил муборак !
У кулиб йиғлар, йиғлаб кулар эди.
Али турган жойида қалқиб кетди . Ва ўша ернинг ўзида тиз чўкди. У бошини саждага қўйди.
Икки маротаба шукр саждасини адо этди.
- Шукр ... Ё ,Аллоҳ , ўзингга шукр !!! Минг бир шукр ... Чексиз шукр ...
Алининг ҳам кўзларидан ёш қуйилиб келарди ...
Марямхон Алининг қариндошларини жилмайганча табриклар экан , улар орасида ўзини бошқача кузатаётган Азаматга кўзи тушиб юраги бир ўйнаб кетди :
"Бу йигит Али акага бир томчи сувдек жуда ўхшар экан- а ? "
Иш тугашига яқин Алини шифокорлар жамоаси алоҳида қабул қилишди . Улар Алини Райҳонанинг ҳаётга қайтгани ҳамда ўғиллик бўлганлиги билан табриклашди. Ҳар қайси мутахассис ўз йўналиши бўйича тавсиялар бериб ўтишди.
Алининг қулоғига эса умуман гап кирмади. Англаб , тушунгани эса фақат Райҳонанинг бирдан тузалиб, юриб кетмаслиги , шунча ойлик ётоқдан кейин тўқималар фаолияти бирмунча издан чиққанлиги , барини ўз ўрнига қайтиши учун вақт керак эканлиги бўлди.
Али :
- Сизлар, нима десангиз шу ,- деди ва шоша - пиша сўради ,- уларни қачон кўришим мумкин ?
@Xazon_Rezgi. /138